Чеченистонда ўзини полиция ўғирлаб кетиб, қийноққа тутганини иддао қилаётган россиялик гомосексуал шахс Россия терговчилари ушбу масалани кўриб чиқишдан бош тортиши ортидан Европа инсон ҳуқуқлари судига шикоят қилди.
Максим Лапунов Россияда гейларга қарши кампаниянинг ўз исмини ошкор қилган ягона қурбонидир. Қароргоҳи Россияда бўлган Қийноқлар олдини олиш қўмитасининг маълум қилишича, Лапунов ўз арзини Страсбург судига 24 май куни йўллаган.
Лапунов Чеченистон расмийларининг гейларга қарши аёвсиз кампанияси қурбони бўлганини айтиб келади. Унинг айтишича, 2017 йилининг мартида Грозний шаҳрида уни ўғирлаб кетишган ва полиция биносига олиб бориб, икки ҳафта давомида ушлаб туришган ва қийноққа тутишган.