Ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистонга сафарини бошлаётган Германия президентига мурожаат қилди

Шавкат Мирзиёев Франк-Вальтер Штайнмайер билан Берлинда учрашган эди. 2019, 21 январь.

Халқаро Human Rights Watch (HRW) инсон ҳуқуқлари ташкилоти Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайерни Ўзбекистондаги демократик жараённи жадаллаштириш ва кўламини кенгайтириш учун президент Шавкат Мирзиёевга таъсир ўтказишга чақирди.

Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер 27-29 май кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, президентлар сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини, шунингдек, Ўзбекистон – Европа Иттифоқи формати доирасидаги алоқаларни муҳокама қиладилар.

Шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашиш режалаштирилган.

Федерал президент Хоразм вилоятига ташриф буюриб, Урганч давлат университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан учрашади ҳамда Хива шаҳрининг тарихий ва меъморий обидалари билан танишади.

Ташриф якунида иқтисодиёт, молия, таълим, соғлиқни сақлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида икки томонлама муносабатларни янада кенгайтиришга қаратилган келишувлар имзоланиши кутилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари фикрича, сезиларли силжишлар мавжудлигига қарамай, "Ўзбекистон ҳокимияти ҳануз авторитарлигича қолмоқда. (Давлат) хавфсизлик хизматлари ваколатлари кенглигича қолмоқда, ўзбошимчалик билан қўлга олишлар, ҳибсда ушлаш давомида қийноқ ва шафқатсиз муносабатда бўлишнинг бошқа турлари қўлланилаётганига оид хабарлар доимий тарзда келиб турибди", дейилган HRW баёнотида.