27 май куни Шавкат Мирзиëев тадбиркор ва инвесторлар мурожаатларини ҳал этиш бўйича янги тизим жорий этиш мавзуида махсус йиғилиш ўтказди.
Президент матбуот хизматининг билдиришича¸ мажлисда Мирзиëев Савдо-саноат палатаси раиси ва Адлия вазири раҳбарлигида Республика ишчи гуруҳи тузиб, жойларда тадбиркорлар билан очиқ, амалий учрашувлар ўтказиш зарурлигини таъкидлаган.
“Аниқланган муаммоларнинг ҳудудга тааллуқлиси вилоят ҳокимига, республика даражасидагиси эса Бош вазирга берилиши, улар ҳафтада бир кун қабулхона масалалари билан шуғулланиши кўрсатиб ўтилди.
Ўз ечимини топмаган мурожаатлар вилоят қабулхоналарига юборилади. Натижа бўлмаса, Вазирлар Маҳкамасининг котибиятида Бизнес омбудсман, Савдо-саноат палатаси ва ваколатли идоралар иштирокида кўрилади.
Мурожаатлар шунда ҳам ўз ечимини топмаса, тадбиркорларни Бош вазирнинг шахсан ўзи қабул қилади”¸ дейилади расмий хабарда.
Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келиши билан тадбиркор ва инвесторни ҳимоя қилишни ўзининг бирламчи вазифаларидан қилиб белгилаганини айтган.