30 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентда Россия ҳукумати раиси Дмитрий Медведевни қабул қилди.
Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, Дмитрий Медведев ҳукумат раҳбарлари даражасидаги Қўшма комиссиянинг биринчи мажлисида иштирок этиш учун 29 май куни оқшом Ўзбекистонга борган.
Учрашувда Ўзбекистон раҳбари икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари жадал ривожланаётгани ва изчил мустаҳкамланаётганини мамнуният билан қайд этди.
Расмий хабарда айтилишича, икки давлат орасида ҳозирда умумий қиймати 13 миллиард доллардан зиёд бўлган инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Ўзбекистонда Россиянинг "Газпром", "Лукойл", "Татнефть", "Камаз", "Евроцемент", "Газпромбанк" каби ширкат ва банклари ишламоқда.
Шунингдек, “Росатом” давлат корпорацияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда атом электр станциясини қуриш бўйича стратегик лойиҳа ижроси ҳам тилга олинди.
Бугун Урганч шаҳрида бўлиб ўтадиган Қўшма комиссия биринчи мажлиси бўлажак олий даражадаги учрашувларга тайёргарлик кўришда муҳим босқич бўлиши ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб олишга хизмат қилиши қайд этилди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги узоқ муддатли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини ҳар томонлама ривожлантириш, кенг кўламли амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёр экани ва бу борадаги интилиш қатъийлиги таъкидланди.
Россия Бош вазири Дмитрий Медведев 29 май куни кечқурун ишчи ташриф билан Тошкентга келди. Аэропортда Медведевни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди.
Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, Дмитрий Медведев 30 май куни Урганчда ҳукумат раҳбарлари даражасида ўтадиган Ўзбекистон-Россия қўшма комиссиясининг биринчи йиғилишида иштирок этади.
Қўшма комиссияга Россия президенти Владимир Путин 2018 йил октябрь ойида Тошкентга қилган давлат ташрифи чоғида асос солинган эди.