Қирғиз -Ўзбек чегарасига яқин жойда - Қирғизистоннинг Ўш вилоят, Аравон туманидаги Тўққизбулоқ қишлоғида 31 май куни ўқотар қурол қўлланилди.
Бу ҳақда Қирғизистон Чегара хизматига таяниб, Азаттиқ радиоси хабар қилди.
Чегара хизматидан олинган дастлабки маълумотга қараганда, қирғизистонлик чегарачилар чегарага яқин жойда Ўзбекистонга қарашли икки автомашинани тўхтатишга уринган,уринишлар самара бермагач, осмонга ўқ узишган.
Лекин шунга қарамай, автомашиналар ҳаракатини давом эттираверган ва чегарачилар машиналар ғилдиракларига қарата ўт очган, дейилади хабарда.
Натижада бир ўзбекистонлик яраланиб, Ўзбекистоннинг Марҳамат туманидаги касалхонага ётқизилган.
Инцидент ортидан икки давлат Чегара хизматлари раҳбарлари телефон орқали боғланиб, воқеани жойида ўрганиш учун вакиллар жўнатиладиган бўлди.