Адлия вазирлиги: Мажбуран ишлатиш банк, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида авж олган

Иш вақтига риоя қилмаслик, дам олиш ва байрам кунлари ишга чиқишга мажбурлаш ҳолатлари кўпроқ банк-молия (32,1%), таълим (30,5%) ва соғлиқни сақлаш (28,2%) соҳаларида мавжуд.

Ҳудудлар мисолида эса ходимнинг иш вақтидан ортиқ ёки дам олиш ва байрам кунлари қўшимча меҳнатга жалб этиш ҳолатлари кўпроқ Самарқанд (40,5%), Андижон (34,5%) ҳамда Тошкент вилоятларига (32,9%) тўғри келиши қайд этилди.

Бу маълумотлар Адлия вазирлиги 100 мингдан ортиқ фуқаро ўртасида ўтказган тест синовлари, аноним ва анкета усулидаги сўровлар натижаларига оид ҳисоботда келтирилди.

Адлия вазирлиги барча корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарларини аввало қонунларга итоат этишга, қўл остидаги ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этишга, шунингдек, меҳнат муносабатларини ўзаро ишонч ва ҳурмат руҳида барпо этишга чақиради ҳамда меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган шахслар жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирган.