Бу йилдан бошлаб мажбурий ягона мактаб формаси жорий этилиши режалаштирилган. Лекин мавжуд камчиликларни тузатмай туриб, мажбурий форма талаб қилинишига ҳали эрта деб ўйлаймиз.
Бу фикрни Президент маъмурияти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева ўзининг Facebook саҳифасида эълон қилган постида билдирди.
Президент қизининг фикрича, олдин шароит яратиш, кейин эса талаб қилиш керак.
"Албатта, бу осон иш эмас. Издан чиққан таълим тизимини тузатиш жуда катта маблағ, бир неча йил вақт ва илмий ёндашувни талаб қилади. Бу йўлда хатолар ҳам бўлиши мумкин, чунки бу жараён. Бироқ ҳозир шу ишларни бошламасак, эртага масала янада мураккаблашади", деб ёзган Саида Мирзиёева.
Бир неча кун муқаддам Халқ таълими вазирлиги 2019−2020 ўқув йилидан бошлаб мамлакатда ягона мактаб формаси жорий этилганини ота -оналарга эслатди. Ягона мактаб формаси тўғрисидаги қарор Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2018 йилнинг 15 августида қабул қилинган эди.
2018-2019 ўқув йилида ягона мактаб формасини кийиш ўқувчилар учун ихтиёрий эди. Янги ўқув йилидан бошлаб эса мактабга ягона формада келиш мажбурий бўлади.