Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Хотамжон Абдураҳмонович Кетмонов ўз лавозимини тарк этди.
Бу ҳақда ўз манбасига таяниб хабар қилган kun.uzга кўра, 1 июнь куни куни Ўзбекистон ХДПнинг навбатдан ташқари пленуми бўлиб ўтган ва унда партиянинг янги раҳбари сайланган.
Эндиликда партияга Наманган давлат университети ректори сифатида ишлаётган Улуғбек Иноятов раислик қилади.
"Ҳотамжон Кетмонов 2013 йилдан буён ХДП Марказий кенгаши раиси сифатида ишлаб келаётганди. У 2015 йилдан ҳозирги вақтга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари эди", деб ёзди сайт.
Кетмонов бу лавозимлардан ҳам кетганми-йўқми - бу савол жавоби сайт хабарида йўқ.
Ҳотамжон Кетмонов 2015 ва 2016 йилги президент сайловларида ХДП партиясидан президентликка номзод сифатида қатнашган.
Улуғбек Иноятов 2013 йил февралидан 2018 йил 20 июнига қадар Халқ таълими вазири бўлган. Вазир бўлишдан аввал 2011-2013 йилларда Тошкент давлат педагогика университетига ректорлик қилган.