Президент Мирзиёевнинг жорий йил 29 майдаги қарорига мувофиқ Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари куч ва воситаларини бошқаришнинг сифат жиҳатдан янги тизими жорий этилмоқда. Ушбу эксперимент доирасида вилоят, туман ва шаҳар даражасидаги тузилмаларни мақбуллаштириб, 86 фоиз ходимларни қуйи бўғинга тушириш белгиланган.
Бу ҳақда хабар қилган ЎзА ахборот агентлигига кўра, Ангрен шаҳрида ҳам бу борадаги ишлар бошлаб юборилган.
- Жиноятчилик жиловланса, халқимиз хотиржам, давлатдан рози бўлади. Бунинг учун ҳамма ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари янада жипс ишлаши, аҳолига яқин бўлиши керак. Шунда ҳуқуқбузарликларнинг олди олиниб, жиноятга ўрин қолмайди, - деган президент Мирзиёев 1 июнь куни.
Ўзбекистон раҳбари шу куни Ангренга қилган амалий сафари доирасида шаҳардаги 2-сонли ички ишлар бўлимини бориб кўрди.