Президент Шавкат Мирзиёев ўзи илгари сурган 5 ташаббуснинг ижросини текшириш учун 1 июнь куни Тошкент вилоятидаги Бўка туманига борди.
ЎзА агентлигининг хабар қилишича, ташрифи давомида президентга тумандаги 27-умумтаълим мактаби 3-синф ўқувчиси Фазилат Ёқубова 5 ташаббусга бағишланган шеърини ўқиб берган.
"Давлатимиз раҳбари қизига яхши таълим-тарбия, ижодий муҳит ва шароит яратиб бергани учун Фазилатнинг отасига автомобиль совға қилди", деб ёзади агентлик.
Қизчанинг ўзига эса уйида “Фазилат” номли кутубхона очиб беришни ваъда қилган.
Расмий хабарда, шунингдек, президент Бўстон маҳалласига боргани айтилди. Унинг келишидан олдин бу маҳаллада ҳам Жиззахнинг Манас қишлоғи, Гагарин шаҳарчасида бўлгани каби бунёдкорлик ишлари бажарилган.
"Уйларнинг ташқи қисми таъмирланиб, томлари янгиланди, янги дарвозалар ўрнатилди. Йўлларга асфальт ётқизилди, кўча чироқлари ўрнатилди. 4,3 километр газ қувури демонтаж қилинди, 2,3 километр ичимлик суви тармоғи тортилди. Хонадонларга газ баллонлар тарқатилди", дейилади хабарда.
Шавкат Мирзиёев илгари сурган 5 ташаббус эса қуйидагилардир:
- ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишини ошириш, истеъдодини юзага чиқариш;
- болаларни жисмоний чиниқтириш, спортдаги қобилиятини намоён қилиши учун зарур шароит яратиш;
- барча мактабларни компьютер техникаси ва юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш;
- китобхонликни ошириш, “Китоб карвони” тадбирларини ташкил қилиш, кутубхоналар очиш;
- хотин-қизларни иш билан таъминлаш.