Ўзбекистондаги илк Атом электр станцияси Жиззах вилоятидаги Тузкон кўли яқинидаги майдонда қуриладиган бўлди.
“Ўзатом”нинг расман маълум қилишича, мазкур майдон АЭС қурилишини мувофиқлаштириш юзасидан ташкил этилган махсус комиссия томонидан инжинерлик-техник ва иқтисодий тадқиқотлар натижасида танлаб олинди.
Хабарда айтилишича, АЭСни қуриш иши билан “Росатом”нинг шўъба корхонаси бўлган «Атомстройэкспорт» шуғуланади.
Аввалроқ “Росатом” бош директори Алексей Лихачев «Россия 1» телеканалига берган интервьюсида Ўзбекистонда АЭС пойдеворини қуриш ишлари 2020-2021 йилларда бошланиши режалаштирилганини билдирган эди.
“Ўзатом” маълумотида айтилишича, АЭС қурилиши учун Навоий ва Бухоро вилоятлари ҳудудидаги Тўдакўл атрофида тўрт майдон, Жиззах вилоятидаги Тузкон атрофида уч майдон ўрганилган.
15 майда президент Шавкат Мирзиёев "Росатом" бош директори Алексей Лихачёвни қабул қилган эди.
Президент матбуот хизматининг билдиришича, мазкур учрашув пайтида бўлажак АЭС учун майдон танлаш бўйича муҳандислик тадқиқотларининг биринчи босқичи якунлангани, халқаро талабларга мувофиқ лойиҳанинг атроф-муҳитга таъсири баҳоланаётгани ва техник ҳужжатлар тайёрланаётгани таъкидланган.
"Ўзатом" раҳбари Жўрабек Мирзамаҳмудов 6 май куни АЭСнинг биринчи энергоблоки 2028 йилда, иккинчи блоки 2030 йилда ишга туширилиши режалаштирилаётганини билдирган эди.
2018 йилнинг 19 октябрида президентлар Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Жиззахда АЭС қурилишининг рамзий тугмасини босган эдилар.