Бош прокуратура Қашқадарёда одамлар ҳаётига таҳдид туғдирган қўнғир айиқ одамлар томонидан дўппослаб ўлдирилганини рад этди.
1 июнь куни ижтимоий тармоқларда “Қашқадарёда қизил китобга киритилган айиқ ўласи қилиб дўппосланди” деб сарлавҳаланган видео пайдо бўлган эди.
Маҳаллий матбуотда мазкур видеога таянган ҳолда, айиқ одамлар томонидан калтаклаб ўлдирилгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлганди.
Бош прокуратуранинг билдиришича, Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Лангар маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Тутли қишлоғига 28 май куни Самарқанд вилояти билан чегарадош ҳудуддан айиқ кириб келган. У томорқаларни пайхон қилган, уй ҳайвонларига зарар етказган ва одамлар ҳаётига хавф туғдирган.
«Шу сабабли қишлоқ аҳолиси томонидан расмий рўйхатдан ўтган овчи Қахрамон Сулаймонов ёрдамга чақирилган ва айиқ ИЖ-17 русумли милтиқ билан 16-калибрли ўқдан отиб ўлдирилган”, дейилади хабарда.