Президент Мирзиёев 3 июнда Тошкент вилояти ҳокимлигида ўтказган видеоселектор йиғилишида “Халқ депутатлари маҳаллий кенгашига ҳоким раис бўлмайди”, деб баёнот берди.
Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.
“Депутатларга 2 йилда катта имкониятлар бердим. Фақат қўл кўтаради. Раҳбар ватанпарвар бўлиши керак, халқпарвар бўлиши керак! Қайси биринглар халқни яхши кўрасизлар?!”- деган президент.
Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг декабрида Қашқадарёга сафари давомида ўтказган селектор йиғинида ҳокимлар ваколатини қисқартириб, депутатларникини кенгайтиришини билдирган, ўшанда мана бундай деган эди:
"Депутатларга янаям кўпроқ ваколатлар бераман. Президент халқ вакилларига таяниши керак. Икки йил олдин лавозимга келганимда вақти келиб ҳокимлар сайланиши, ҳокимлар вилоят кенгашларига раҳбар бўлмаслигини айтгандим. Кейинги йилдан шундай бўлади".
Ўз чиқишида Мирзиёев бир раҳбар ҳам ҳоким, ҳам кенгаш раиси бўлолмаслигини урғулаган.
"Керак бўлса, ҳоким кенгашга ҳисобот беради. Вилоят ва туман депутатларига ҳам ваколатлар берилади. Жамиятда рақобат бўлиши керак. Ҳамма бир-бирига қулоқ солиши керак. Йўқса, Ўзбекистон яна орқага кетади", деган эди Мирзиёев.