Бўка, Пискент, Паркент, Оҳангарон, Бекобод, Қуйичирчиқ, Оққўрғон ва Чиноз туманларида саноат ривожи пастлигича қолмоқда. Қуйичирчиқ, Бекобод, Оҳангарон, Пискент ва Бўка туманларида аҳоли жон бошига хизмат кўрсатиш ҳажми республика бўйича ўртача кўрсаткичдан 2−3 баробар кам.
Бу ҳақда Президент Мирзиёев 3 июнь куни Нурафшон шаҳрида Тошкент вилоят фаоллари, ҳокимлар ва секторлар раҳбарлари, республика идоралари мутасаддилари иштирокида ўтказилган йиғилишда айтгани тўғрисида давлат раҳбари расмий сайти хабар қилди.
Президен Мирзиёев вилоят иқтисодиёти, туманлардаги аҳволни танқид қилар экан, жумладан бундай деган:
- Ўзим юриб, республикадан раҳбарлар юбориб, энг долзарб масаларни ҳал қиляпмиз. Ҳамма жойда ўзгариш бўляпти. Тошкент вилояти нимага уйғонмаяпти? Вақт шиддат билан ўтяпти. Ҳар бир кун, ҳар бир дақиқа ғанимат. Президент сиёсат юритади, имкон яратади. Мутасаддилар қаттиқ талаб қилиб, қуйи тизимдаги раҳбарлар жон куйдириб ишлаб, натижани таъминлаши керак. Одамлар қуруқ гапга чидамайди. Тошкент вилоятида қуруқ гап. Қани рақобат, қани илм, қани натижа, қани ташаббус?!
1 июнь куни президент Мирзиёев Тошкент вилоятига амалий сафар билан чиққан эди. Шу куни президент Ангрен шаҳрида бўлди.