Истанбулда май ойининг сўнгги кунларида икки нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди. Бу ҳақда 3 июнь куни Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
Хабарда айтилишича, 30 май куни Истанбулнинг Гўзтепе маҳалласида гиламга ўралган аёл жасади топилган. Ҳозирча аёлнинг шахси аниқлангани йўқ. Жасад олдида аёллар қора сумкаси топилган. Сумка ичида ўзбекистонлик уч нафар аёлнинг ҳужжатлари бўлган.
31 май куни эса Истанбулнинг Чекмекой мавзесида наманганлик 31 ёшли Одилжон Аҳмаджонович Хамзаев пичоқлаб кетилди. У олинган жароҳат оқибатида воқеа жойида ҳалок бўлди.
Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, мазкур жиноятда гумонланиб Ўзбекистон фуқароси Ш.С., қўлга олинган.
Ҳалок бўлган бу икки шахс меҳнат муҳожирлари бўлганми ёки туристларми, деган савол ҳам ҳозирча очиқ қолмоқда.
Аввалроқ The Diplomat нашри Туркияда 30 минг нафар ўзбекистонлик меҳнат муҳожири борлиги, лекин уларнинг икки мингга яқинигина қонуний ишлаётгани ҳақида хабар берганди.