Президент Мирзиёевнинг 4 июнь кунги фармонига кўра, Ғуломжон Ибрагимов "саломатлиги туфайли бошқа ишга ўтиши муносабати билан Тошкент вилояти ҳокими лавозимидан озод этилган".
Маҳаллий нашрларга кўра, Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажариш Рустам Холматовга юклатилган. Рустам Холматов тайинловга қадар — 2018 йилдан Тошкент вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган.
Рустам Холматов (1961 й. т.) Тошкент халқ хўжалиги институтининг сиртқи бўлимини тамомлаган (1987). 2016−2017 йилларда Тошкент вилоятининг Бекобод тумани ҳокими, 2017−2018 йилларда — Жиззах вилояти ҳокимининг қишлоқ хўжалиги ва сув ресурслари масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган.
Тошкент вилоятининг собиқ ҳокими Ғуломжон Ибрагимов 2018 йилнинг январидан ушбу лавозимда ишлаб келаётган эди.
Президент Мирзиёев 3 июнь куни Нурафшон шаҳрида ўтказилган йиғилишда Тошкент вилоятини қолоқликда айблаган эди.