Тошкент ҳукумати чет элликларни Ўзбекистонга саëҳат қилишга ундовчи чиқишларни рағбатлантириш ҳаракатини кучайтирди.
Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси британиялик журналистни “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун” номинациясидаги “Олтин қалам” мукофоти билан тақдирлади.
Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги 7 июнь куни хабар қилди.
Мукофот “iCrossing” Британия онлайн-маркетинг агентлигининг туризм бўйича муҳаррири Жереми Ҳед (Jeremy Head)га берилган.
Унинг 2018 йил ноябрь ойида Financial Times газетасида босилган “Ўзбекистондаги ўта тезюрар “ипак йўли” мақоласи¸ айтилишича¸ юзлаб электрон оммавий ахборот воситаларида жойлаштирилган ва натижада “Ўзбекистонга саëҳат қилишга ва бунда “Афросиëб” тезюрар поездидан фойдаланишга қизиқиш кескин ошган”.
Жереми Ҳеднинг Ўзбекистонга сафари "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси ва Veres Vert сайëҳлик агентлиги томонидан молиялаштирилган ва унинг мақоласи газетанинг сайëҳат саҳифасида эълон қилинган эди.
Расмий хабарга кўра¸ Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонасида 5 июнь куни мазкур мукофотни топшириш маросими бўлиб ўтган ва унда Британиядаги Financial Times, The Guardian, Telegraph, Sunday Times, BBC, Wanderlust, Lonely Planet, Bradt Travel Guides, Travel the Unknown, Aviation, Metro, Travel Weekly нашрларининг жами 70 дан ошиқ мухбири қатнашган.
Ўзбекистон расмийлари маҳаллий ва хориж журналистларини мамлакат ҳақида реклама руҳидаги мақолалар ëзишга ундаб келмоқда.
Хусусан¸ Ўзбекистон президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбарининг 1-ўринбосари¸ президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиëева 21 май куни давлат органлари матбуот хизматлари фаолиятини танқид қила туриб¸ уларнинг суст ишлаши оқибатида “амалга оширилаётган кенг миқёсли ишлар мамлакат ичида ҳам, хорижда ҳам етарли даражада ёритилмай, сезилмай қолмоқда”¸ деган эди.
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев эса¸ жорий йилнинг 11 февраль куни «мамлакатнинг иқтисодиёти ривожланишига, шаҳарнинг гуллаб-яшнашига ҳисса қўшишни истаган журналистлар лойиҳаларни қай тариқа пиар қилиши жуда муҳим» деган.
Матбуот ролини пиарчиликка тушириш ортидан жорий ҳукумат ўз фаолияти ҳақида танқидий чиқишлар қилаëтган матбуотни “ëлғончи”га чиқариш уринишини бошлаган.