Тошкентнинг Чилонзор туманида кекса аёл ва унинг набираси ҳашаротларга қарши заҳарли модда оқибатида вафот этгани хабар қилинди.
Шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг билдиришича, 7 июнь куни кечқурун Чилонзор туманининг 19-даҳасидаги кўп қаватли уйлардаги хонадонлардан бирида 77 ёшли М. Ш.. ва унинг набираси 27 ёшли Т. М.,нинг мурдалари топилган.
Экспертиза уларнинг ўлими «номаълум моддадан ўткир заҳарланиш» натижасида юз берганини аниқлаган.
Милиция ходимлари хонадоннинг йўлаги, ошхонаси ва ётоқхоналарида ҳашаротларга қарши кулрангли, кукунсимон моддалар солинган газета қоғози ўрамларини топган. Хонадонни эса дорининг чидаб бўлмас даражадаги ҳиди қоплаб олган.
Терговга қадар текширувда аниқланишича, ушбу хонадонда 6 июнь куни ҳашаротларга қарши санитария ишлов берилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.