“Вақф” хайрия жамоат фондига масжидлардан тушадиган маблағларнинг 75 фоизи масжид сарф-харажатлари учун мунтазам қайтариб борилади. Рамазон ҳайити куни тушган маблағлар тўлалигича “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳисобига кирим қилиниб, ушбу маблағларнинг 40 фоизи масжидларнинг сарф-харажатлари учун ўзларига қайтарилади.
Ўзининг кирим-чиқимларига оид бу ва бошқа маълумотларни “Вақф” хайрия жамоат фонди эълон қилди.
Фонд баёнотида айтилишича, бу маълумотлар “6 июнь куни ижтимоий тармоқлардаги айрим нохолис манбаларда “Вақф” фонди фаолияти ҳақида асоссиз гап-сўзлар тарқатилгани” муносабати билан эълон қилинди.
5 июнь куни Озодлик Ўзбекистондаги масжидларда имомларга Рамазон ҳайити куни тушган ҳайр-эҳсон пулларини юз фоиз “Вақф” фондига ўтказиш ҳақида топшириқ берилгани тўғрисида, бу ҳақда Озодликка хабар қилган имомлар бундай топшириқ масжидларда норозиликка сабаб бўлганини айтгани тўғрисида хабар қилган эди.
Имомлар топшириладиган пулнинг 40 фоизи масжидга қайтарилишини ҳам айтган, лекин бу пул масжид ҳаражатларини қоплашга маблағ етмаётганидан нолиган эди.
Озодлик ўз материалида“Вақф” фонди Рамазон ойида 1,8 миллиард сўмлик закот ва хайрия маблағларини ҳақдорларга етказганини маълум қилгани тўғрисида ҳам хабар қилган.