Ота-она фарзандини ўз микроҳудудидаги эмас, бошқа ерда жойлашган мактабда ўқишини истаса, бола мактабга қўшимча квота асосида қабул қилинади ва ота-она бунинг учун энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан кам бўлмаган миқдорда бир марталик тўлов пули тўлайди.
Бу ҳақда Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармаси бўлим бошлиғи Баҳром Бакиевнинг айтганларига таяниб, ЎзА хабар қилди.
Нега пул олинишини Баҳром Бакиев мана бундай изоҳлаган:
– Ёзилмаган қонун-қоидалар кўп, буни биласизлар. Эксперимент сифатида танлаб олинган пойтахтимиздаги 81 та мактабнинг жойлашган жойи, белгиланган талабдан келиб чиқиб ва турли хил қинғир ишларни, коррупциянинг олдини олиш мақсадида қарорда 10 бараваридан кам бўлмаган миқдорда бир марталик тўлов пули белгиланди. Очиғини айтиш керак, авваллари коррупция ҳолатлари ҳам учраган.
Тўлов суммасини белгилашда аҳолининг имкониятлари, жамоатчилик фикрини ўрганганмиз, тегишли ташкилотлар билан келишганмиз, ривожланган давлатлар тажрибасини ҳам кўрганмиз.
Ўзимиздан ўзимиз белгиламадик, бундан ташқари, кузатув кенгашларини ўрганишини ҳам белгилаб қўйдик. Қарор лойиҳаси муҳокамага ҳам қўйилганди. Энг яхши мактаб уйингиз ёнида жойлашгани. Ҳамма ўзининг микроҳудудида жойлашган мактабга фарзандини ўқишга берсин, ҳеч қандай пул олинмайди, мутлақо текин.
Маълум қилинишича, жорий йил Тошкент шаҳрида 46806 нафар бола биринчи синфга қабул қилиши режалаштирилган.