Туркиянинг Истанбул шаҳрида гиламга ўралган ҳолда ўлик топилган ўзбекистонлик аёлнинг шахси аниқланди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининиг билдиришича, Туркия ҳуқуқ-тартибот тузилмалари билан ҳамкорликда олиб борилган текширув натижасида аёлнинг 1992 йил 31 декабрда туғилган О.Н. экани аниқланган.
Вазирлик мазкур ҳолат юзасидан тергов ишлари давом этаётганини билдирган.
30 май куни Истанбулнинг Гўзтепе маҳалласида гиламга ўралган аёл жасади, жасад олдида аёллар қора сумкаси топилган эди. Сумка ичида ўзбекистонлик уч нафар аёлнинг ҳужжатлари бўлган.
31 май куни эса Истанбулнинг Чекмекой мавзесида наманганлик 31 ёшли Одилжон Ҳамзаев пичоқлаб кетилган ва хабарларда унинг воқеа жойида ўлгани айтилган эди.
Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, мазкур жиноятда гумонланиб Ўзбекистон фуқароси Ш.С. қўлга олинган.