МИБ раҳбарияти Фарғона вилояти ҳокимига қарши "қатъий чоралар кўриш"ни сўрамаган

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев

Мажбурий ижро бюроси директорининг ўринбосари Содиқжон Бердиалиевга кўра, МИБ раҳбарияти Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевга қарши "қатъий чора кўриш" талаби билан чиқмаган.

Содиқжон Бердиалиевнинг бу сўзлари 19 июнь куни Тошкентда журналистлар ва МИБ ходимлари ўртасида бўлиб ўтган очиқ мулоқот чоғида янгради.

27 май куни Озодлик Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев МИБ ва Солиқ бошлиқларига “ичагини бошига салла қилиш” билан таҳдид қилгани ҳақида хабар тарқатганди.

Озодлик таҳририятига 24 май куни келиб тушган ва Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг овози деб иддао қилинаётган аудиода овоз эгаси вилоят Мажбурий ижро бюроси ва Солиқ бошқармаси бошлиқларини “сотқин”, “дорнинг остидан қочган маразлар”, деб атайди, уларга “ичагингни суғуриб оламан”, "қаматаман" деб дўқ-пуписа қилади.

“Умринг 5 йил, 10 йил қамоқда ўтади. Сен МИБни бошлиғи бўласанми, бошқа бўласанми, ундан нари бўласанми, сен номардларни қаматтираман. Мен ўзимни зўрға босиб турибман, ичагингни олиб, бошингдан салла қилиб қўйиш қўлимдан келади”, - дейди овоз эгаси Озодликка сиздирилган аудиода.

Шунингдек, Фарғона вилояти ҳокими, дея иддао қилинаётган шахс вилоят МИБ ва Солиқ бошқармаси бошлиқларини Тошкентдан эканини пеш қилиб, Фарғонани ботқоққа ботираётганликда айблайди.

Фарғона вилояти ҳокимининг вилоят МИБ раҳбарига қилган таҳдидига муносабат билдирар экан, Содиқжон Бердиалиев жумладан шундай деди:

"Фарғона вилояти ҳокимининг вилоят МИБ раҳбарига нисбатан қўпол гаплари интернетда тарқалди.Биз вилоят ҳокими билан боғландик. У интернетда тарқалган гаплар эски гаплигини, ҳозирда бюро раҳбари билан алоқаси яхшилигини айтиб ўтди. Биз бу борада қатъий чора кўриш бўйича мурожаат қилмаганмиз. Шу жумладан, Фарғона вилояти МИБ бошлиғи ҳам ҳеч қаерга мурожаат қилмаган", деди МИБ директорининг ўринбосари Содиқжон Бердиалиев.