Тошкент вилоят электр тармоқлари корхонаси раҳбарлари ходимларни мажбурий меҳнатга жалб этгани учун маъмурий жавобгарликка тортилди.
Маҳаллий нашрларнинг билдиришича, бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев Тошкентда ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
Вазирга кўра, ишчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолати юзасидан тўпланган материаллар вилоят прокуратурасига ўтказиб берилди.
Электр тармоқлари ходимлари иш вақтида Ангрен шоссесини тозалашга мажбурланаётганлари тўғрисидаги маълумот июнь ойининг бошларида пайдо бўлган эди.
Ходимлар раҳбарият уларни ишдан бўшатиш таҳдиди остида мажбурий меҳнатга жалб қилаётгани ва «ободонлаштириш ишига ўз ихтиёрлари билан» қатнашаётганлари тўғрисида тилхатлар ёздириб олинганини айтгандилар.