Боситхонова Элмира Иркиновна Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 20 июнда ўтган ялпи мажлисида депутатларнинг кўпчилик овози билан Бош вазир ўринбосари - Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимига тасдиқланди.
Бунга қадар бу лавозимни Танзила Норбоева эгаллаб келаётган эди. У 2016 йилнинг 14 декабрида Элмира Боситхонованинг ўрнига мазкур лавозимга тайинланганди.
Маҳаллий нашрлар ўз манбаларига таянган ҳолда, Танзила Норбоева сенатор этиб тайинланиши кутилаётганини ёзмоқда.
“Бу ҳолда у Сенатнинг 21 июнь куни ўтказиладиган ялпи йиғилиши вақтида Сенат раиси лавозимига тавсия этилиб, лавозимга тасдиқланиши мумкин бўлади. У шу тариқа бугун Бош прокурор этиб тайинланган Ниғматулла Йўлдошев ўрнини эгаллаши ва Ўзбекистон тарихига Сенат раиси бўлган илк аёл сифатида кириши мумкин”, деб ёзди Kun.uz.
1958 йилда туғилган Элмира Боситхонова 2011-2016 йилларда Хотин-қизлар қўмитасига раис бўлган. У 2016 йилнинг 12 декабридан бери Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари лавозимида ишлаётган эди.
Боситхонова 2015 йилда қўшиқчилар кийимларининг юпқалигини, уларнинг “ўзбекона аҳлоққа тўғри келмайдиган ҳаракатлари”ни муҳокама қилишни бошлаб берган эди.
Боситхонова назарида “ярим-яланғоч” кийиниб, саҳнага чиқди¸ деб топилган хонанда Лола лицензиясидан айрилган эди.