Март ойида тўрт йилга қамалган чечен ҳуқуқ ҳимоячиси озодликка чиқди

Оюб Титиевни кутиб олишга унинг яқинлари ва ҳамкасблари келди.

"Мемориал" инсон ҳақлари марказининг Грозний бўлими раҳбари Оюб Титиев 21 июнь куни озодликка чиқди.

Наркотик сақлаганликда айбланиб, январь ойида ҳибсга олинган Титиев чечен суди ҳукми билан 18 март куни тўрт йиллик қамоққа ҳукм этилган эди.

Титиев наркотикларнинг полиция томонидан ташлангани ва ўзининг Чеченистондаги инсон ҳақлари ҳимоячиларини йўқ қилиш мақсадида жазоланганини айтиб келмоқда.

Титиевни сиëсий маҳбус деб эътироф қилган халқаро ҳуқуқ ташкилотлари Россия ҳукуматидан унинг озод этилишини талаб қилиб келди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ва мустақил журналистларга тоқатсизлиги билан танилган Чеченистон президенти Рамзан Қодиров уларга “халқ душмани ва сотқинлар сингари муомала қилиниши кераклиги”ни айтган.