Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаев мамлакат парламентининг ўзига қўйган айбларини бирор ҳуқуқий асосга эга бўлмаган “абсурд” деб атади.
Атамбаев муносабатини у раҳбар бўлган Социал-демократлар партияси раиси ўринбосари Қундуз Жолдубаева эълон қилди.
Бу баëнотда Атамбаев ўзига қўйилган айбларни жорий президент Сўўрўнбай Жээнбековнинг “сиëсий мухолифларини йўқ қилиш” истаги ифодаси деб атади.
«Сўўрўнбай Жээнбеков овозимни ўчириш учун мени уйдирма айблар билан ноқонуний айблашдан бошқа йўл тополмади. Бир йилдан кўпроқ энг ифлос усуллар¸ энг ифлос сиëсат ва энг ифлос миш-мишлар ишлатилаëтган бўлса-да¸ бу ишдан ҳеч нарса чиқмайди”¸ дейилади Атамбаев баëнотида.
Собиқ президент жамоатчиликка ҳокимият томонидан ўз “ҳалол шахси”га ҳужум уюштиришда ишлатилаëтган депутатлар исми-шарифи ва репутациясига эътибор қаратишни тавсия этади.
Қирғизистон парламенти махсус комиссияси 18 июнь куни собиқ президент Алмазбек Атамбаевни 6 айблов бўйича айбдор деб топди.
Комиссия Атамбаевни ўз сиёсатига қарши чиққан фаоллар ва журналистларга босим кўрсатганлик, Қўй-Тош қишлоғида уй қуриш учун ноқонуний равишда ер олганлик, жиноий авторитет (вор в законе) Азиз Батукаевнинг қамоқдан ноқонуний бўшатилишига алоқадорлик, “Ака инвест” ширкати билан боғлиқ можаро ва Бишкек иссиқлик электр станциясини таъмирлаш жараёнида коррупцияга йўл қўйганликда айбдор деб топди.