21 июнь куни Олий Мажлис Сенатида гапирган президент Шавкат Мирзиëев Ўзбекистон ҳукуматининг Россиянинг «Лукойл» компаниясидан 600 млн доллар миқдорида қарз борлигини тан олди.
Айтилишича¸ бу қарз “Ўзбекнефтгаз” компаниясининг қишки мавсумда “Лукойл”дан Ўзбекистонда қазиб чиқарилган газни жаҳон бозори нархи - 146 доллардан газ сотиб олиб, ички истеъмолчиларга 40 доллардан етказиб бергани ортидан пайдо бўлган.
Президент таъкидича¸ ҳар бир куб метр ўртасидаги 100 долларлик фарқ 600 млн долларлик қарзни пайдо қилган.
Нима учун маҳсулотни бўлиб олиш тўғрисидаги битимда миллий манфаатлар ҳисобга олинмаган¸ дея савол берган Мирзиëев¸ Россия ширкати билан бундай келишув шартлари ўзгартирилиш-ўзгартирилмаслиги ҳақида индамади.
Маҳаллий иқтисодчиларга кўра¸ “Лукойл”, “Зарубежнефтегаз”, “Газпром” каби компанияларнинг Ўзбекистон ҳудудида газ ва нефт конларининг ўзлаштириши маҳсулотни тақсимлаш шартларида (СРП) амалга ошириб келинмоқда. Ўзбекистондаги газ, нефть конини ўзлаштираëтган Россия ширкатлари ўзлаштирилган маҳсулотнинг 50, 60, балки 70%ини олиб чиқиб кетади.
“Африканинг энг қолоқ ва ўзини ўзи бошқара олмайдиган давлатларини инобатга олмаса, замонавий дунёда СРП шартларида нефть ва газ конларининг ўзлаштирилиши усулидан аллақачон воз кечилган”¸ деб ëзди жумладан davletovuz канали.