ИИВ молиявий пирамида қуришда айбланган яна бир шахсдан зарар кўрганларга мурожаат қилди

Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти Тошкент вилояти Янгийўл туманида молиявий пирамида қуришда гумон қилинаётган шахс ҳақида баёнот берди.

Баёнотда халқ орасида "Муродбой" деб танилган шахс ташкил қилган ширкат раҳбарлар устидан жиноят иши қўзғатилгани айтилган.

"Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида таъсис этилган “ERKIN AVTO DILLER” МCHJ мансабдор шахсларидан жабр кўрган бўлсангиз, Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан қуйидаги манзилларда ташкил этилган тергов гуруҳи штабларига мурожаат қилишингизни сўраймиз", дейилади баёнотда.

Айтилишича, бу шахсдан жабр кўрганлар учун Тошкент вилоятининг Чиноз ва Янгийўл туманлари; Сирдарё вилоятининг Бахт шаҳри; Жиззах вилоятининг Фориш ва Дўстлик туманлари, Жиззах шаҳрида махсус қабул марказлари очилган.

Ўтган ойда Жиноят ишлари бўйича Қуйичирчиқ туман суди айни турдаги жиноятда айбланган Аҳмаджон Турсунбоев ва яна 15 шахсга нисбатан иккинчи суд ҳукмини ўқиган эди.

Маҳаллий нашрлар хабарида айтилишича, бу шахслар “молиявий пирамида яратиб, одамларнинг катта миқдордаги маблағи ва мол-мулкини фирибгарлик йўли билан қўлган киритган”.

Хабарда айтилишича, мазкур жиноят иши доирасида 11 минг 500 дан зиёд жабрланувчидан 7 мингдан кўпроғи сўроқ қилинган, 20 гувоҳнинг кўрсатмаси судда тингланган.

Шунингдек, Бош прокуратура Тошкент вилояти ҳудудида молиявий пирамида қуриш орқали фирибгарлик қилишда айбланган яна бир неча шахс ушлангани ҳақида хабар берган.

Жумладан, ​"Ҳуқуқ" нашри Босит Хўжаев (исм-фамилияси ўзгартирилган) "Аҳмадбой сценарийси" асосида фуқаролардан пул, автомашина, қорамол ва бошқа қимматли буюмларни икки баробар қилиб қайтариш эвазига қабул қилиб олгани" ҳақида шу йилнинг апрелида хабар қилганди.