Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган умумий тартибдаги 21-сонли аёллар қамоқхонасида сақланаётган Гулнора Каримова Ўзбекистон омбудсмани билан учрашув чоғида “муассасанинг тиббиёт ходимларига эътибор ва ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилаётгани учун алоҳида миннатдорчилик билдирган”и иддао қилинди.
Омбудсман матбуот хизматининг 23 июнда хабар беришича, июнь ойида омбудсман раҳбарлигидаги делегация Зангиота қамоқхонасига бориб, у ерда маҳбусларни сақлаш шароитлари билан танишган.
Омбудсман муассасада жазо ўтаётган Ўзбекистон биринчи президентининг қизи Гулнора Каримова билан ҳам учрашган. Расмий хабарда айтилишича, Гулнора Каримовани тиббий кўрикдан ўтказиш учун қамоқхона маъмурияти “кардиология, неврология, гастроэнтерология, эндокринология ва гинекология соҳаларидаги етакчи мутахассисларни жалб қилгани” аниқланди.
“Шифокорлар кўрсатмаси билан у мунтазам равишда керакли дори-дармон билан таъминланмоқда. Бугунги кунда Гулнора Каримованинг саломатлиги, умуман олганда, қониқарли ва у соғлом овқатланиш рациони асосида таъминланмоқда”, дейилади хабарда.
Қарийб 3 ҳафта муқаддам маҳаллий нашрлар Гулнора Каримованинг швейцариялик адвокати Грегуар Манжа ўз мижозининг қамоқхонада тиббий муолажа олишдан бош тортаётгани ҳақида маълум қилганини ёзган эди.
Каримова 2017 йилда коррупция ва оғир иқтисодий жиноятларда айбланиб Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2017 йил 18 декабрдаги ҳукми билан 10 йилга қамалган, аммо 2018 йил 1 июлда бу ҳукм ўзгартирилиб, 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган.
Аммо Каримова жазони ўташ тартиби ва шартларини бузганлиги сабабли 2019 йил 5 мартда жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди томонидан унга нисбатан тайинланган жазонинг ўталмай қолган муддати озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилиб, жазони умумий тартибли колонияда ўташи белгиланган.