Брюсселда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги навбатдаги музокаралар бошланди

Европа кенгаши президенти Дональд Туск Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан. Тошкент, 2019, 1 июнь.

Бельгия пойтахти Брюсселда 25-26 июнь кунлари Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги янги ҳамкорлик шартномаси юзасидан музокараларнинг навбатдаги босқичи бошланди.

Расмий маълумотда айтилишича, музокарада Ўзбекистон томонидан ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилшод Ахатов раҳбарлигидаги делегация иштирок этади.

Мазкур шартнома юзасидан музокаралар 2019 йилнинг 4 февралида бошланган эди. Музокаранинг биринчи босқичи Тошкентда ўтказилган. Унда Европа Иттифоқи томонидан Ўзбекистонга савдо имтиёзлари бериш, инвестициявий ҳамкорлик ва минтақавий хавфсизлик масалалари муҳокама қилинган.

Мазкур шартнома президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилда Брюсселга қиладиган сафари доирасида имзоланиши режалаштирилган.

ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик ҳақидаги битим 1999 йилнинг 1 июлида имзоланган амалдаги битим ўрнини эгаллайди.

Европа Иттифоқи Ташқи ишлар мутасаддиси Федерика Могерини ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 2018 йил 23 ноябрь куни Брюсселда ўтган музокаралардан сўнг янги шартнома имзоланиши юзасидан музокаралар ўтказилишини билдирган эдилар.