Cобиқ Бош прокурор Рашитжон Қодировга нисбатан суд ҳукми оммавий ахборот воситалари вакили иштирокисиз, ёпиқ эшиклар ортида ўқилади.
Маҳаллий нашрларнинг ёзишиларича, бу ҳақда 25 июнь куни ўтган брифингда Олий суди раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров маълум қилди.
Унга кўра, Рашитжон Қодиров иши махфийлик грифига эга, шунинг учун ҳам ёпиқ режимда кўриб чиқилмоқда. Бироқ суд қарори матбуотда эълон қилиниб, бу борада изоҳ ҳам берилади.
«Тошкент шаҳар судида Рашитжон Қодиров иши доирасида 13 киши иши кўриляпти. Ҳозирда суд таркиби маслаҳат хонасига йиғилган. Қарор тез кунда қабул қилинади ва эълон қилинади», - деди Холмўмин Ёдгоров.
2018 йилнинг февралида коррупцияда айбланиб қўлга олинган Рашитжон Қодиров иши доирасида жами 24 кишига нисбатан айблов эълон қилинган. Суд жараёни жорий йилнинг январь ойида бошланган.
Ўзбекистонда 4 йил давомида учта бош прокурор ўзгарди. Қодировдан кейин прокурор бўлган Ихтиёр Абдуллаев ва Отабек Муродовлар ҳам ишдан олиниб, ҳозирда тергов қилинмоқда.
Муродовнинг ўрнига президент Сенатнинг собиқ раиси Ниғматилла Йўлдошевни бош прокурор қилиб тайинлади.