Ўзбекистон ўз армияси учун Россиядан “Тигр” зирҳли машиналари сотиб олди. ТАССнинг 25 июнь куни Ўзбекистон расмий делегацияси таркибидаги манбага таяниб хабар беришича, сотиб олинган “Тигр”лар сони “бир неча ўнта”ни ташкил қилади.
Хабарда айтилишича, Ўзбекистон делегацияси Москвага «Армия 2019» қуроллар кўргазмасида иштирок этиш учун борган.
Сотиб олинган ВПК-233136 «Тигр» зирҳли машиналари Ўзбекистон томонининг талаби билан махсус комплектация асосида ишлаб чиқарилди. Жумладан, қўшимча эшиклар ўрнатилиб, машина ойналарига панжара қопланди.
Машина томига инфрақизил прожекторлар ўрнатилди. Шунингдек, Ўзбекистонга сотилган зирҳли машиналар 7,62 мм калибрдаги ПКМ пулемётларига эга бўлди.
«Тигр» зирҳли машиналарини миллиардер Олег Дерипаскага қарашли «Рус машиналари» холдинги ишлаб чиқаради. Битта машинанинг нархи 160 минг долларни ташкил қилади.
2015 йилда АҚШ «Ортиқча қуролларни бошқаларга бериш» дастури доирасида Ўзбекистонга умумий қиймати 150 миллион бўлган 300та зирҳли ҳарбий автомашинани совға қилган эди.