Истанбулнинг Буюкчекмеже районидаги фабрикада 22 июнь куни юз берган ëнғин оқибатида 38 яшар ўзбекистонлик нобуд бўлди.
Бу ҳақда Истанбулдаги Ўзбекистон Бош консулхонаси 26 июнь куни берган маълумотда ëзилишича¸ ҳозирда Ғофур Турсунов жасадини Ўзбекистонга юбориш билан боғлиқ ишлар олиб борилмоқда.
“Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари мазкур ҳолат юзасидан текширув ишларини бошлаган”¸ дейилади Ташқи ишлар вазирлиги сайтида берилган маълумотда.
Россия¸ Қозоғистон¸ Жанубий Корея каби Туркия ҳам ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари энг кўп бораëтган мамлакатга айланган. Ҳозиргача Туркияда қанча ўзбекистонлик муҳожир борлигига оид аниқ маълумот йўқ.
Визасиз уч ойгача қолиш мумкин бўлган Туркиядаги ўзбек меҳнат муҳожирлари сонининг юз мингларда экани тахмин қилинади.