Москва шаҳар Мэрияси ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги 24 июнь куни Москвадаги "Халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси" (ВДНХ) да СССР пайтида фаолият кўрсатиб келган Ўзбекистон павильони жойлашган ер майдонини ижарага олиш тўғрисида битим имзолади.
Шаҳар ҳокимлигининг билдиришича¸ бундай битим Россия Бош вазири Дмитрий Медведевнинг жорий ой бошида Тошкентда ўтказган музокаралари доирасидаги келишувларга асосан имзоланилган.
Битим имзоланиши маросимида Ўзбекистон павильонини қайта таъмирлаш ишлари билан боғлиқ молиявий ва ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилди¸ дея хабар берган Тошкент ҳокимлиги сайти¸ бу таъмир нархи ва унинг қайси томон ҳисобидан тўланишига ойдинлик киритмаган.
“Бир пайтлар Москвадаги “ВДНХ” яъни "Халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси"нинг энг чиройли жойларидан бири Ўзбекистонимизнинг павильони бўлган. Йиллар ўтди ва яна қадрдон павильонда Ўзбекистоннинг тобора ривожланиб бораётган сайёҳлик ва инвестициявий салоҳияти, мамлакатимизнинг турли соҳалардаги ютуқларини намойиш этиш ва булар билан Россия пойтахти ахолисини таништириш имконияти пайдо бўлди.
Қайта таъмирлаш ишларини бажариш ва экспонатлар билан тўлдириш ишлари якунлангандан сўнг павильонимизнинг тантанали очилиши кўзда тутилмоқда. Бу павильон Россиянинг энг йирик кўргазма комплексига “узукка кўз қўйгандек” ярашиб туриши аниқ”¸ деб ëзди Жаҳонгир Ортиқхўжаев матбуот хизмати жумладан.
19 май куни Россия Маданият вазири Владимир Мединский ВДНХдаги Ўзбекистон павильонида олиб борилаëтган реставрация ишларининг якунланиш арафасида экани ва унинг муддатсиз фойдаланиш учун Ўзбекистонга берилишини билдирган эди.
1937 йили Сталин томонидан совет халқ хўжалиги ютуқларини кўз-кўз қилиш мақсадида қурилиши бошланган ВДНХ номи СССР тарқаганидан кейин¸ Бутунроссия кўргазмалар маркази деб ўзгартирилди.
Путиннинг собиқ иттифоқни қайта тиклаш амбициялари кучайиши ортидан 2013 йилда 520 гектарлик бу ҳудудга яна советча ВДНХ номи қайтарилди.
Аксар постсовет давлатларида СССР ва Россиянинг империявий иддаоларини тамсил қилувчи рамзлар тақиқланган. Хусусан¸ Украина 2014 йилда ВДНХдаги ўз номидаги павильондан воз кечган.