Ўзбекистон мажбурий меҳнатга қарши яна бир халқаро ҳужжатни қабул қилди

Мажбурий меҳнат асосан пахта терими пайтида қўлланилар эди.

Ташқи ишлар вазирлигининг 26 июнда хабар беришича, президент Мирзиёев “Халқаро меҳнат ташкилотининг 1930 йилдаги мажбурий меҳнат тўғрисидаги 29-сонли конвенциясига баённомани ратификация қилиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Мазкур қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йилнинг 13 июнида қабул қилинган ва Сенат томонидан 21 июнда маъқулланган.

29-сонли конвенциясига баённома Женевада 2014 йилнинг 11 июнида қабул қилинган эди.

Халқаро ташкилотлар узоқ йиллардан бери Ўзбекистонда, айниқса, пахта терими мавсумида оммавий тарзда мажбурий меҳнат қўлланилишини танқид қилиб келар эдилар.

Расмий Тошкент 2017 йилдан бошлаб мажбурий меҳнатга барҳам бериш йўналишида қатор ишларни амалга ошираётганини халқаро ҳамжамият олқишламоқда.