Самарқанд ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатидан чиқариладиган объектлар қаторидан жой олиши мумкин. Бу ҳақда ЮНЕСКО расмий сайтидаги ҳужжатда маълумот берилди.
Жаҳон мероси қўмитасининг Озарбайжон пойтахти Бокуда 30 июндан 10 июлгача ўтадиган 43-сессияси арафасида эълон қилинган ҳужжатда айтилишича, Самарқанднинг тарихий қисмида уйлар, меҳмонхоналар ва бошқа бинолар қурилмоқда. Бу эса маданий қийматга эга тарихий биноларга зарар етказмоқда.
Ҳужжатда таъкидланишича, 2022 йилда ўтадиган ШҲТ саммитига тайёргарлик доирасида Ўзбекистон ҳукуматининг Самарқандда янги меҳмонхоналарни ва кўп қаватли биноларни қуриш режаси ҳам ташвиш уйғотмоқда. Қўмита экспертларига шу кунгача бу лойиҳага оид ҳужжатлар тақдим этилмаган.
Айни пайтда қўмита Самарқанд шаҳар бош планини тайёрлаш режасини олқишлади ва бу режа ЮНЕСКО тавсияларини эътиборга олган ҳолда тайёрланишига умид билдирди.
Жаҳон мероси қўмитаси Самарқанд юзасидан 2008 йилдан бери ташвиш билдириб келади. Қўмита ЮНЕСКО марказий кенгашига Самарқанднинг тарихий қисмини сақлаб қолиш масаласини кучлироқ назорат остига олиш илтимоси билан мурожаат қилган.
2016 йилда Шаҳрисабз ҳам Жаҳон маданий мероси рўйхатидан чиқарилиш таҳдиди остида қолган эди. 2018 йилда Ўзбекистон ЮНЕСКОга Шаҳрисабз тарихий қисмини сақлаб қолиш йўналишидаги ишларни кучайтиришга ваъда бергани ортидан, бу шаҳар Жаҳон маданий мероси рўйхатида қолдирилган.