Қирғизистон экс-президенти Алмазбек Атамбаев 27 июнь куни парламент унинг собиқ президент мақомини бекор қилганини шарҳлар экан, амалдаги президент Сўўрўнбай Жээнбеков ҳокимиятини тан олмаслигини билдирди. Унга кўра, Жээнбеков ҳукумати ҳуқуқий майдондан чиқиб кетган.
-Биз бир йил аввал ҳуқуқий майдондан чиқиб бўлдик ва амалдаги ҳукумат ҳукмронлиги даврида бу ҳуқуқий майдонга қайта олмаймиз. Чунки бу ҳукумат ўз одамларини ҳимоя қилишни билган ҳолда, ўзига қаршилик қилганларни қамаш билан шуғулланмоқда,-деди Алмазбек Атамбаев.
Парламент қарори Алмазбек Атамбаевни жиноий жавобгарликка тортилишига асос бўлади.
Қирғизистон парламенти махсус комиссияси 18 июнь куни собиқ президент Алмазбек Атамбаевни 6 айблов бўйича айбдор деб топган ва 20 июнда парламент бу айбловлар нақадар асосли эканини ўрганиб чиқишни Бош прокуратурага топширган эди.
Парламент Атамбаевни ўз сиёсатига қарши чиққан фаоллар ва журналистларга босим кўрсатганликда ва қатор коррупциявий ҳаракатларда гумонламоқда.
Прокуратура 27 июнда депутатларнинг гумонлари тасдиқланганини билдиргани ортидан парламент Атамбаевнинг экс-президент мақомини бекор қилган.