"Лукойл" ва China Petroleum'дан қарздор “Ўзбекнефтгаз” Тошкентдан Қаршига кўчди

"Ўзбекнефтгаз" "Лукойл"дан 600 миллион қарз бўлиб қолган.

“Ўзбекнефтгаз” ўз бошқарувини Тошкентдан Қашқадарё вилоятига кўчирди.

Ширкатниг расман билдиришича, бу қарор “жойларда муаммо ва вазифаларни тезкор ҳал этиш, углеводород хомашёсини қазиб олишни кўпайтириш, корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолиятини бевосита назорат қилиш дастурининг амалга оширилиши учун” қабул қилинди.

“Ўзбекнефтгаз” тўғрисида бундан аввалги сўнгги хабарлар асосан ширкатнинг қарзлари билан боғлиқ бўлган эди.

21 июнь куни Олий Мажлис Сенатида гапирган президент Шавкат Мирзиëев Ўзбекистон газини қазиб олиш билан шуғулланаётган Россиянинг «Лукойл» компанияси “Ўзбекнефтгаз”ни 600 миллион доллар қарз қилиб қўйганини тан олган.

Хитойнинг давлатга қарашли China Petroleum Technology & Development Corporation (CPTDC) ширкати эса 3 апрель куни Ўзбекистон ҳукуматига “Ўзбекнефтгаз”дан 16 миллион доллардан кўпроқ қарзни ундириб беришни илтимоси билан мурожаат қилган.