Россиянинг «Атомстройэкспорт» ширкати Ўзбекистонда АЭС қурилиши бўйича муҳандислик-қидирув ишларининг иккинчи босқичини бошлади.
«Ўзатом» агентлигининг 1 июлда билдиришича, иккинчи босқич 29 июнь куни атом электр станциясини қуриш учун мақбул майдонча сифатида танлаб олинган Тузкон кўли яқинидаги ҳудудда бошланган.
Россиялик мутахассислар геофизик ва сейсмологик тадқиқот ишларини олиб боради. Натижалар асосида атом электр станциясининг техник лойиҳасини ишлаб чиқиш ишлари давом эттирилади.
Бир ой аввал “Росатом” бош директори Алексей Лихачев «Россия 1» телеканалига берган интервьюсида Ўзбекистонда АЭС пойдеворини қуриш ишлари 2020-2021 йилларда бошланиши режалаштирилганини билдирган эди.
2018 йилнинг 19 октябрида президентлар Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Жиззахда АЭС қурилишининг рамзий тугмасини босган эдилар.
Ўзбекистон ҳукуматининг Россия билан АЭС қуриш режаси жамоатчилик орасида жиддий эътирозлар уйғотмоқда.