3 июль куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг тарафдорлари ҳамда унга қаршилар акция ўтказди.
27 июнь куни Қирғизистон парламенти Атамбаевнинг экс-президент мақомини бекор қилган эди. Эндиликда коррупция айбловлари қўйилаётган собиқ президент қўлга олиниши мумкин.
Атамбаев тарафдорлари пойтахт Бишкек марказида тўпланиб, унга қўйилган айбловлар бекор қилинишини талаб қилди.
Акцияда Атамбаевнинг ўзи ҳам иштирок этмоқда.
Олдинроқ Бишкекнинг собиқ мэри Нариман Тюлеев Facebookда “минглаб” Атамбаев танқидчиси собиқ президентнинг Қўйтош қишлоғидаги резиденцияси томон юриш қилиб, ундан “миллатни бўлишни” бас қилишини талаб қилишлари ҳақида ёзди. Аммо Тюлеев тез орада ўз постини ўчириб ташлади.
27 июнь куни Қирғизистон парламенти Атамбаевнинг дахлсизлигини бекор қилишни қўллаб овоз берди.
Собиқ президент коррупция, хизмат лавозимини суиистеъмол қилиш ҳамда ноқонуний тарзда бойишда гумон қилинмоқда.
Атамбаевнинг ўзи бу айбловларни рад этиб келади.
АҚШнинг Бишкекдаги элчихонаси Америка фуқароларини одамлар тўпланган жойлардан йироқроқ бўлиш ҳақида огоҳлантирди.