“Ўзбеккино” томонидан амалга оширилаётган “Уч шаҳар” инвестицон лойиҳаси учун Тошкент вилояти Юқоричирчиқ тумани Файзобод маҳалласидаги 116,4 гектар ер танлаб олинди. Бу ҳақда “Ўзбеккино” томонидан тайёрланган Ўзбекистон президенти қарори лойиҳасида маълум қилинди.
Қарор лойиҳасида белгиланишича, бу ерда “Халқ дипломатияси шаҳарчаси”, “Этношаҳарча” ва “Кино шаҳарчаси” барпо этилади. Мазкур шаҳарлар қуриладиган ҳудуд 49 йилга ижара ҳақисиз фойдаланишга берилади.
Мазкур комплексни 2021 йилгача қуриб битказиш режаланмоқда. “Ўзбек Ҳолливуди”ни ташкил этиш ташаббуси 2018 йилда кўтарилганди.
Лойиҳада “Халқ дипломатияси шаҳарчаси”да 15та маданий марказ, тўртта музей, кинематография маркази, президентлар ҳиёбони кабиларни қуриш режаланган.
“Этношаҳарча”да эса 19та этносарой, жумладан, Амир Темур саройи қад кўтаради.
“Кино шаҳарчаси”да тасвирга олиш павильонлари, 30та вилла, 220та таунхаус ва учта кўп қаватли уйдан иборат киномаҳалла, меҳмонхона, киноакадемия, дўконлар, мактаблар ва болалар боғчалари барпо этилади.
Тахминий ҳисоб-китобларга қараганда лойиҳа учун 150 миллион доллар маблағ талаб қилинади.