Қирғизистон Миллий жамоатчилик телевидениесига қарашли “Ала-Тоо 24” телеканалида 2 июль куни собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг рафиқаси Раиса Атамбаева бир гуруҳ маҳаллий бизнесменларга хитойлик тадбиркорларнинг мулкини босиб олишда ёрдам кўрсатгани тўғрисидаги журналистик суриштирув намойиш этилди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Кўрсатувда бир неча ой олдин коррупцияда айбланиб қамоққа олинган президент маъмуриятининг суд ислоҳоти ва қонунчилик бўлими бошлиғи Манас Арабаев Раиса Атамбаевга қарши кўрсатма берган.
Унга кўра, Раиса Атамбаева Хитой тадбиркорлари қурган кўп қаватли бинони парламентнинг собиқ депутати Рустам Маманов ва бизнесмен Рустам Воиновга расмийлаштиришга суд орқали кўмаклашган.
Экс-президент Атамбаевнинг маслаҳатчиси Қундуз Жолдубаева кўрсатувда айтилган фактларни инкор қилди:
-Бу жамоатчилик фикрини шакллантириш учун ўйлаб топилган қора пиардан бошқа нарса эмас. Кўрсатувдаги маълумотлар бўрттирилган, аниқ фактлар йўқ. Бу кўрсатувдан мақсад қоралашдир, - деди Қундуз Жолдубаева.
Бироқ кўрсатув муаллифи аниқ фактларга таянганини айтмоқда:
-Мен кучишлатар тузилмалардан олинган маълумотлар асосида суриштирув олиб борганман. Бу ўзимнинг кўрсатувим, уни тайёрлашга ҳеч ким буйруқ бермаган,- деди журналист Уланбек Дийканбаев.
Мазкур кўрсатув парламент 27 июнда экс-президент мақомидан ажратган Алмазбек Атамбаев тарафдорлари 3 июлда митингга чиқиши арафасида намойиш этилди.
-Оммавий ахборот воситалари жамоатчилик фикрини шакллантиради. Шунинг учун бундан ҳукумат ҳам манфаатдор.Ҳукумат матбуотдан ўз манфаати йўлида фойдаланиб, ўзига кераклик маълумотни тарқатиши ҳеч кимга сир эмас, - деди сиёсатшунос Бекбосун Бўрубашев.
Яна бир сиёсатшунос Ўрўзбек Молдалиев эса кўрсатувда айтилган фактларни ҳақиқатга яқин деб баҳолади:
-Манасбек Арабаев кўрсатмасини ҳақиқатдан узоқ деб айта олмаймиз. Бу масала аввал ҳам кўтарилган, аммо ким бунга бош-қош бўлгани аниқланмасдан қолиб кетган эди. Ҳозир бу ишнинг бир учи кўриниб қолди, - деди Ўрўзбек Молдалиев.
Алмазбек Атамбаев даврида Раиса Атамбаева сиёсий ишларга, ҳукумат бошқарувига ёки тижорий фаолиятга аралашгани сезилган эмас.
Касби шифокор бўлган Раиса Атамбаева 2018 йилда тиббиёт фанлари доктори мақомига эга бўлган.
27 июнь куни Қирғизистон парламенти Атамбаевнинг дахлсизлигини бекор қилишни қўллаб овоз берди.
Собиқ президент коррупция, хизмат лавозимини суиистеъмол қилиш ҳамда ноқонуний тарзда бойишда гумон қилинмоқда. У қамоққа олиниши мумкин.
Атамбаевнинг ўзи бу айбловларни рад этиб келади.