Адлия вазирлиги томонидан маҳкума Гулнора Каримова сақланаётган Тошкент вилояти Зангиота туманидаги умумий тартибли 21-сон аёллар колониясида ўрганиш ўтказилмоқда.
Бу ҳақда вазирликнинг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар қилди.
Ўтказилаётган ўрганишни Адлия вазирлиги "cўнгги пайтларда турли Интернет ахборот ресурслари ва ижтимоий тармоқлар орқали бугунги кунда суднинг ҳукмига асосан тегишли жазони ўтаётган маҳкума Г.И.Каримованинг жазони ўташ муассасасидаги шарт-шароитлар хусусида билдирилаётган турли хабарлар" билан изоҳлади.
Вазирлик оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларини мазкур масала юзасидан турли хил асоссиз хабарлар тарқатмасликка чақирган.
"Адлия вазирлиги ўрганишлар натижаси юзасидан қўшимча ахборот тақдим қилади", дейилган хабарда.
2 июль куни Ўзбекистон марҳум президентининг невараси Имон Каримова ўз Instagram саҳифасида онаси ва Тошкент ҳукумати ўртасидаги муносабатларнинг жорий аҳволига оид янги тафсилотларни очиқлаган эди.
Instagram Storyга қўйилган рус тилидаги уч бетлик хатида Имон Каримова онасининг Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 21-сонли аëллар қамоқхонасидаги аҳволининг кун сайин оғирлашаëтганини иддао қилган.