Термиз Адлия бўлими 3 июль куни шаҳар ҳокимининг шаҳарда «Дамас»ларга йўловчи ташишни тақиқлаган қарорини бекор қилиш бўйича тақдимнома киритди.
Адлия вазирлигининг маълум қилишича,тақдимнома асосида Термиз шаҳар ҳокимининг қарори 10 кун муддат ичида бекор қилиниши лозим. Адлия бўлими, шунингдек, мазкур қарор қабул қилинишига сабабчи бўлган айбдорларни жавобгарликка тортишни ҳам талаб қилган.
Термиз шаҳар ҳокимининг 13 июнда қабул қилинган «Термиз шаҳрида транспорт хизматини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори «Дамас» ҳайдовчиларининг кескин норозилигига сабаб бўлган эди. Қарорда 1 июлдан бошлаб бу русумдаги машиналарда йўловчи ташиш тақиқланган.
Адлия вазирлиги қарор лойиҳасига ўз вақтида Термиз шаҳар Адлия бўлими қарши чиққанини, аммо ҳокимият бу эътирозни эътиборга олмаганини билдирган.
«Маълумот ўрнида Адлия вазирлиги маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш амалиёти қатъий назорат остига олинганлигини, бу бўйича ҳудудий адлия органлари томонидан ҳокимликларга тегишли ҳуқуқий ва методик ёрдам кўрсатиб келинаётганлигини билдиради. Хусусан, 2019 йилнинг ўтган даврида туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан киритилган тақдимномаларга асосан туман (шаҳар) ҳокимларининг 160 та қарорлари бекор қилинган, 165 нафар масъул шахс жавобгарликка тортилган», дейилади расмий билдирувда.