Халқаро санъатшунослар томонидан “чўлдаги Лувр” номи билан танилган Нукусдаги Савицкий номидаги Давлат санъат музейига янги директор тайинланди.
Маданият вазирлиги томонидан ўтказилган халқаро танловда ғолиб топилган москвалик 60 яшар санъатшунос Тигран Мкртичев Марказий Осиëдаги энг машҳур музейининг янги раҳбари бўлди.
Тошкент давлат университети ва Ўзбекистондаги Санъатшунослик институтида ўқиган Тигран Мкртичев номзоди¸ таркибига Россия¸ Германия ва ЮНЕСКО санъат намояндалари киритилган махсус кенгаш томонидан танланган.
Нукус музейига москвалик рассом, коллекция йиғувчи, санъатшунос олим, археолог, реставратор ва этнограф Игор Савицкий асос солган.
1966 йилнинг 5 февралида иш бошлаган бу музейнинг биринчи раҳбари этиб Савицкийнинг ўзи тайинланган эди.
«Ўзбекистоннинг етти мўъжизасидан бири» дея эътироф қилинган бу музейдаги ўғирлик ва санъат асарларини асрашга лоқайдлик билан қаралиши ортидан кейинги йилларда унинг раҳбари бир неча бор ўзгарди.
Хусусан¸ 2017 йил сентябрида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати музейда мутахассислар текширув ўтказгани ва музейда 581 миллион 625 минг сўмлик 5 картина йўқлиги аниқлангани, бунинг ортидан 28 август куни жиноят иши очгани хабар қилинган эди.
2015 йилда эса ўшандаги президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг Женевадаги қароргоҳида Нукус музейига оид асарларнинг топилиши¸ Ўзбекистон Давлат санъат музейи бош муҳофизининг расм ўғирликда айбланиб қамоққа олиниши ва МХХ собиқ зобитининг давлат музейидан 32 расм ўғирлагани ҳақидаги айбловлар халқаро майдонда шов-шувга сабаб бўлган.
Шу муносабат билан музейни 31 йил мобайнида бошқариб келган Мариника Бобоназарова ишдан олинган эди.