Тошкент шаҳар, Олмазор туманидаги «Шаббода» кафесида юз берган ёнғин пайтида тўрт одамни қутқарган Миллий гвардия ходимлари тақдирланди.
Расмий маълумотда айтилишича, Ҳарбий-техник институт курсантлари Жавоҳир Ҳасанов ва Сухробжон Элмуродов ўз хизмат вақтида олов ичидан ҳушини йўқотган ҳомиладор аёл ва 3 нафар фуқарони олиб чиққан.
«Шаббода» кафесида 28 июнь куни, дастлабки тахминларга қараганда, эҳтиётсизлик оқибатида ёнғин келиб чиққани хабар қилинган эди.
Хабарда, бундан ташқари, Миллий гвардиянинг Бухоро вилояти Қўриқлаш бошқармаси ходими Дадахон Хўжаев Когон туманидаги «Биби Орифа» масжиди ҳовлисида жойлашган ҳовузга оёғи сирпаниб тушиб кетиб чўкаётган болани қутқариб қолганини ҳам билдирган.
«Хизматдошларига намуна кўрсатган қаҳрамонлар Миллий гвардия қўмондонлиги томонидан муносиб рағбатлантирилди», дейилади хабарда.