Ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб этган халқ таълими мудири ишдан олинди

Иллюстратив сурат

Наманган вилоят, Косонсой туман халқ таълими бўлими мудири вазифасини вақтинча бажарувчи Ф.Н. вазифасидан озод этилди. М.Аллохонова Косонсой туман халқ таълими бўлими мудири вазифасига тайинланди.

Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги хабар қилди.

Бундай чора кўрилишига Косонсой туманидаги умумий ўрта таълим мактабларининг 80 нафар ишчи ходимлари мажбурий меҳнатга жалб этилгани сабаб бўлган.

Хабар қилинишича, мажбурий меҳнатга йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори номига жорий йилнинг 4 июль куни хат юборилган.

Халқ таълими вазирининг Ҳуқуқий-назорат хизматининг ўрганиши натижасига кўра, 2019 йил 28 июнь куни “Обод марказ” Давлат дастури асосида ҳар бир таълим муассасасига 10 метрдан жой ажратилиб, директорларга бетон қуйиш ҳамда ободонлаштириш ишларини бажариш юзасидан топшириқ берилган.

Топшириққа асосан, 29 июнь куни туман халқ таълими тизимининг 80 нафар техник ишчи ходимлари янги барпо этилаётган “Яшил хиёбон” ҳудудида “шанбалик” ниқоби остида эни 1,5-2 метр, узунлиги 410 метр жойга бетон қуйиш ва ободонлаштириш ишларига мажбурий жалб этилганлиги маълум бўлган.