Москва вилояти полицияси миграция бўлимининг икки нафар ходими Ўзбекистоннинг 200 нафар фуқаросини ноқонуний равишда рўйхатдан ўтказганликда айбланмоқда.
Тергов қўмитасининг билдиришича, 2019 йилнинг апрель-май ойлари оралиғида Москва вилояти миграция полициясининг икки ходими беш нафар одам билан тил бириктирган ҳолда Москва шаҳрига ҳамда Москва вилоятининг Ленин туманига ноқонуний ишлаётган ўзбекистонлик мигрантларни пропискага қўйиш билан шуғулланиб келган.
Полициячилар ва уларнинг шерикларига Жиноят Кодексининг 322.1 -моддаси 2-қисми асосида “Уюшган гуруҳ томонидан ноқонуний миграцияни амалга ошириш” айблови билдирилди. Бу айблов асосида улар 7 йилгача қамалишлари мумкин.
Хабарда айтилишича, айбланувчилардан тинтув пайтида 13 миллион рубль мусодара қилинган.