9 июль куни Тошкентда жойлашган Низомий номидаги педагогика университетига ҳужжат топширишга борган абитуриентлардан бири қабул жараёнидаги узундан-узун навбатлар ва тартибсизликлардан шикоят қилди: "Бугун опам билан Низомий номидаги педагогика университетига ҳужжат топширишга келгандик. Жуда катта навбат ва тартибсизлик: квитанцияни олишга навбат, тўловга навбат, ҳужжат топширишга навбат, ҳужжат топшириш учун бериладиган рақамчаларни олишга навбат. Яна ҳеч ким тартиб билан турмайди. Бизга 2014-ракамни беришди. У дегани - кечки соат 8гача ҳам навбатинг келмайди дегани. Абитуриентлар уйда имтиҳонга тайёрланиш ўрнига эртадан кечгача шу саратонда шунақа навбат кутишга мажбур", дея абитуриент ижтимоий тармоқларда қолдирган постига воқеа жойидан суратларни ҳам илова қилган.