“Ўзнефтмаҳсулот” АЖ нинг фермерларга хизмат кўрсатувчи 1 381 та автомобилга ёнилғи қуйиш шохобчалари тадбиркорларга аукцион орқали сотилади.
Бу ҳақда Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарорида айтилгани тўғрисида Адлия вазирлиги хабар қилди.
Қарор билан нефть-газ тармоғини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича республика ишчи комиссияси тузилди.
Комиссия углеводород хомашёсини қазиб олишни кўпайтириш, газ-транспорт тизимини модернизация қилиш чораларини кўради.
Энергетика вазирлигида нефть-газ тармоғини ислоҳ қилишни мувофиқлаштириш бўйича лойиҳа офиси ташкил қилинади.
Қарор билан “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви тизими такомиллаштирилиб, самарали ташкилий тузилмаси шакллантирилди.
Унга кўра, “Ўзтрансгаз” АЖ “Ўзбекнефтгаз” АЖ таркибидан чиқарилди.